Вазир ўринбосари: «Талабалар 771 минг сўмгача стипендия олиши мумкин»

Вазир ўринбосари: «Талабалар 771 минг сўмгача стипендия олиши мумкин»

Ўзбекистондаги барча ОТМда 2020 йил 1 февралдан бошлаб Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади ва шу орқали иқтидорли, фаол ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар қўшимча рағбатлантириб борилади. Бу ҳақда 7 февраль куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан журналист ва блогерлар учун ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбирда таъкидланишича, ҳар бир олий ўқув юртида Стипендия комиссияси тузилиб, унга ўқув ишлари бўйича проректор раислик қилади. Комиссия аъзолари эса декан, ўқитувчилар, Ёшлар иттифоқи ва Талабалар кенгаши вакилларидан иборат бўлади. Рағбатлантирувчи стипендия тайинлашда вакиллик ҳуқуқи шу комиссияга бериляпти.

«Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб, ҳамма талабалар учун стипендия миқдори 428 минг сўм этиб белгиланди. Эндиликда талаба семестрни ‘5’ баҳога ёпса (рейтинг кўрсаткичи – 86 балл ва ундан юқори), унга ОТМ ҳисобидан стипендия базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида ҳеч қандай ҳужжатларсиз автоматик тарзда рағбатлантириш маблағи берилади.

Шунингдек, Талабалар кенгаши ва Стипендия комиссияси хулосасига кўра, Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси томонидан иқтидорли, жамоат ишларида фаол ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга белгиланган стипендияга нисбатан қўшимча 50 фоиз миқдорида рағбатлантириш пули тўланади.

Бу тартиб бюджет ва тўлов-контрактнинг қандай кўринишида ўқишидан қатъи назар, барча йигит-қизларга тааллуқли эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шу ўринда ҳисоб-китоб қилсак, талаба иқтидорли ва ‘беш’чи бўлса, бир ойда 771 минг сўмгача стипендия олиши мумкин. Буни шундай таҳлил этамиз: талаба сместрни ‘5’ баҳо билан якунласа, 428 минг сўм стипендиясига 20 фоиз, яъни 85 минг 600 сўм қўшилади. Натижада, унинг стипендияси 513 минг 600 сўм бўлади. Агар у иқтидорли, жамоат ишларида фаол ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳисобланса, 513 минг 600 сўмга қўшимча 50 фоиз – 256 минг 800 сўм сўм пул тўланади. Шу тариқа талаба 771 минг сўм миқдорда стипендия олади.

Бундан ташқари, талаба ‘беш’чи бўлмаса-ю, аммо иқтидорли, жамоат ишларида фаол ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлса, у 428 минг сўм стипендиясига қўшимча 50 фоиз – 214 минг сўм пул олади», — деди Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов.

«Дарё» мухбири Миролим Исажоновнинг хабар беришича, 2020 йил 1 февралидан ўқув сместри якуни бўйича ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоиз ва ундан юқори қисми қониқарли, деб топилган бюджет асосида ўқиётган талабаларга стипендия тайинланмайди.

Шунингдек, тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган номли давлат стипендиялари соҳиблари, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум этилган болалар сирасига кирувчи талабаларга стипендия тўлови давлат бюджети ҳисобидан тўланади. Шу тариқа улар стипендиясиз контракт тўловини амалга оширади.

Вазирлик расмийсининг қўшимча қилишича, Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига алоҳида иқтидорга эга, халқаро, республика ва олий таълим миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари ҳамда спорт мусобақалари ғолибларига базавий стипендияга нисбатан 10 бараваргача миқдорда бўлган бир марталик рағбатлантириш ёки моддий ёрдам пули берилади. Мазкур тартиб олий таълим муассасаси кенгаши томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ алоҳида ҳолларда (касаллиги ёки оила аъзоларининг вафоти каби) талабаларга ҳам жорий этилади.

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.