Ўзи яратган образни экранда кўриш насиб этмаган актриса – Гулбаҳор Йўлдошева

Ўзи яратган образни экранда кўриш насиб этмаган актриса – Гулбаҳор Йўлдошева

Мана, эътиборингизга “Қўқон шамоли” бадиий фильмининг навбатдаги постерини ҳавола қилаяпмиз. Унда, ушбу фильмда кинодаги энг сўнгги ва ёрқин ролини ижро этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Йўлдошевани Амир Умархоннинг волидаи муҳтарамаси Мингойим қиёфасида кўришингиз мумкин.

Айтишадики, буюк санъаткорлар ўзининг ер юзидаги ишларини чала ташлаб кетмас экан. Бунга шахсан ўзимда ҳам бир нечта санъаткорлар тақдири мисолида кўриб-гувоҳ бўлган воқеаларим бор. Гулбаҳор Йўлдошева ана шундай бутун санъаткордардан бири эди. 

У ҳақда турмуш ўртоғи, Ўзбекистон Давлат санъат арбоби, режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг берган баҳоси энг ҳаққоний деб биламан. У Гулбаҳор опанинг ижодига баҳо берар экан: “Гулбаҳордай актриса ҳозирги даврда юртимизда балки иккитадир,балки битта. Битта бўлса у, иккита бўлса биттаси у. Фақат унинг актрса сифатидаги бахтсизлиги – менинг рафиқам эканлигида”, деган эди. 

Ҳақиқатдан ҳам, опа ўзининг ҳаётдаги ва ижоддаги ўрнини дуда яхши билар ва ундан ташқари кимнинг рафиқаси эканлигини ҳам яхши англар эди. Актриса сифатида ўзига ҳар нарсани ҳам раво кўравермас, жуда талабчан санъаткор эди. 

Актриса “Қўқон шамоли” бадиий фильмига таклиф қилишганда таклифни бажону-дил қабул қилди. Соғлиғи панд бераётган бўлсада, ижодий гуруҳни ташлаб кетмади. Даволаниш учун Ҳиндистонга йўл олар экан, балки айнан шу фильм учун, битмай қолган иши учун қайтиб келгандир деб ўйлайман. 

Шу ўринда “опа тузалиб қайтади, мен нима бўлса ҳам у кишини кутаман”, деб, “актрисани алмаштирарсиз”, деган таклифларни рад этиб, Гулбаҳор опанинг қайтишига катта умид билдирган режиссёр Дилмурод Масаидовдан миннатдор бўламан. 

Опа ролини шундай ижро этганки, унинг премъерада бўлмаслигини, бу ролни экранда ҳеч қачон ўзи кўра олмаслигини ўйлашнинг ўзиёқ қаттиқ оғриқ беради кўнгилга. 

Фильмнинг ёпиқ намойишида мен билан ёнма-ён ўтирган кинорежиссёр Қамар Камалова “Шундай актрисанинг қадрига етмабмиз. У қанча ёрқин, характерли роллар ўйнаши, образлар яратиши мумкин эди-я”, деб чеккан афсусларига гувоҳ бўлдим. 

Энди эса чорасиз имконни фақат бир нарса овутади. У ҳам бўлса, ҳеч бўлмаса “Қўқон шамоли”даги Мингойим борку ўзбек киносида. Гулбаҳор Йўлдошева мана шу каби роллари билан ўзбек киномухлислари хотирасида абадий қолажак.

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.