Ўзбекистондаги энг зўр канал “Zo‘r TV” эмиш

Ўзбекистондаги энг зўр канал “Zo‘r TV” эмиш

Ўзбекистондаги энг оммабоп миллий телевизион манба ва форматларни аниқлаш бўйича ўтказилган сўров натижаларига кўра, биринчи бешталикни хусусий каналлар банд этибди. Бюджетдан молиялаштириладиган телеканаллар, қанисиз?

1-ўрин — “Zo‘r TV” (11,8%);

2-ўрин — “Sevimli” (9,6%);

3-ўрин — “My5” (9,4%);

4-ўрин — “Milliy TV” (6,9%);

5-ўрин — “Futbol TV” (6,8%).

“Zo‘r TV”да қандай кўрсатувлар бор ўзи? Адашмасам, бу каналнинг эфир вақти хориж сериаллари-ю, бачкана шоулар билан тўлдирилган. Яқинда ўзим ҳурмат қиладиган хонанданинг жонли ижрода куйлашини эшитиб, шу каналга олувдим. Тўрттаси чиқволиб, концертниям расво қилди. Аслида, бу дастур бошқа каналдан ўғирланган. Яна бошловчими ё ўртакашларми (нима дейишниям билмайсан) ўртага тушволиб, қилпанг-жилпанг  қилганига бало борми? Наҳот, бутун бошли каналда дурустроқ бошловчи топилмаса?! Кошки, беўхшов қилиқларида маъно бўлса, гапида туз бўлса, юморида маза-матра бўлса...

Сўровномада республика бўйича телетомошабинлар қамраб олинибдими, демак, боримиз шу. Савиямиз, дидимиз “Zo‘r TV”нинг саёз шоуларига мослашиб бўлибди. Шундай деяпману лекин ўзбек телеканалларида ўзим интиқ кутадиган кўрсатув деярли йўқ экан. Билган дастурларимни санасам, бармоқларим ортиб қоляпти...

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.