Ўзбекистонда ёшларга янги мукофот таъсис этилди

Ўзбекистонда ёшларга янги мукофот таъсис этилди

Ҳукумат қарори (503-сон, 24.08.2020 й.) билан “Илҳом” мукофоти таъсис этилди.

 Қарорга мувофиқ, “Илҳом” мукофоти билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мукофот шоир ва ёзувчилар ҳаёти ҳамда ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ҳамда фаолият юритаётган ёшларга берилади.

 

Мукофот учун танловни юқори савияда ўтказишга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул ҳисобланади.

 

Танловда республикамиздаги барча ОТМ иштирок этиши мумкин.

Танлов икки – дастлабки саралаш ва асосий танлов босқичларида ўтказилади.

Дастлабки саралаш босқичида номзодлар ОТМ миқёсида тест саволлари орқали сараланади.

Тест саволлари миллий адабиётимизнинг дурдона асарлари, адиб ва мутафаккирларнинг бой маънавий мероси, шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижодини қамраб олувчи 50 та саволдан иборат бўлади.

Тест натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаган 3 нафар номзод ОТМ ректорининг тақдимномаси асосида кейинги босқичда иштирок этиши мумкин.

ОТМда сараланган номзодларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, ҳар йили 15 апрелга қадар танловни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитага тақдим этилади.

Ташкилий қўмита томонидан 1 ой давомида тақдим этилган ишларнинг ижтимоий аҳамияти, мавзунинг ёритилиши, талқиннинг ўзига хослиги, асарнинг бадиийлиги бўйича ҳар бир талаб 5 баллик тизимга биноан баҳоланади. 

Танлов ғолиблари қуйидагича тақдирланади:

 

1-ўрин учун – “Spark” автомобили, махсус диплом ва статуэтка;

2-ўрин учун – 30 млн. сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка;

3-ўрин учун – 15 млн. сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка.

 

Мукофот билан тақдирлаш ҳар йили Адиблар хиёбони очилган кун – 20 майда “Катта адабиёт байрами” ҳафталиги доирасида амалга оширилади.

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.