Сирдарё давлатлараро туташув пункти фойдаланишга топширилди

Сирдарё давлатлараро туташув пункти фойдаланишга топширилди

Ўзбекистон ва Қозоғистон республикалари ўртасидаги дўстона алоқалар, яқин қўшничилик ришталари бир неча асрлардан буён давом этиб келмоқда. Айниқса, сўнгги икки ярим йил мобайнида Муҳтарам президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан, бу ришталар тобора мустаҳкамланиб, икки давлат ўртасида ўзаро савдо сотиқ, товар айрибошлаш, транспорт алоқалари, айниқса, темир йўл транспортидан кенг фойдаланиш, юк ва йўловчи ташишда мижозларга қулайликлар яратиш борасидаги ўзаро ҳамкорлик кун сайин ривожланмоқда. Бугун, 29 июль куни фойдаланишга топширилган Сирдарё давлатлараро туташув пункти ҳам бунга яққол мисол бўла олади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон бугунги кунда қўшни давлатлар, жумаладан, Афғонистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон республикалари билан жами 20 та коридор орқали темир йўл транспортидан фойдаланиб, ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириб келмоқда.  Биргина Қозоғистон республикасини оладиган бўлсак, айни кунгача Келес ҳамда Қорақалпоғистон давлатлараро туташув пунктлари орқали юклар расмийлаштирилиб, поездлар қатнови амалга оширилиб келинаётган эди. Эндиликда, Сирдарё ва республикамизнинг бошқа вилоятларидан Қозоғистон республикасининг жанубий худудларига жўнатиладиган юклар мазкур ишга туширилаётган Сирдарё давлатлараро туташув пункти орқали ҳам юборилади. Қозоғистон республикаси томонидан ташишга қабул қилинган юклар эса, Ўзбекистон темир йўллари орқали МДҲ мамлакатларига транзит ўтказилиши таъминланади. 

Сир эмаски, юртимизда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор берилиб келинмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, тадбиркорларимиз кун сайин экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришмоқда. Шундай экан, бундай давлатлараро туташув пунктининг очилиши, тадбиркорларга ишлаб чиқараётган маҳсулотларини қўшни давлатнинг жанубий худудларига экспорт қилишларида, шунингдек, маҳсулотларининг манзилига етиб боришига кам вақт сарфлаб, иш фаолиятларини янада ривожлантиришга, янги иш ўринлари яратишга имкон яратади. Бундан ташқари, ушбу очилаётган янги давлатлараро туташув пункти Қозоғистон республикасининг жанубий худудлари билан кўпроқ товар айрибошлашга хизмат қилади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳозирги кунда Келес давлатлараро туташув пунктидан бир суткада ўртача 20, 22 та юк поезди мамлакатимиздан Қозоғистон республикасига ва ушбу давлат орқали МДҲ мамлакатларига жўнатилаётган бўлса, сутка давомида яна шунча юк поезди юртимизга қабул қилиб олинади.

Эндиликда Сирдарё давлатлараро туташув пункти ишга туширилиши билан, суткасига қўшимча 3 жуфт юк поездлар айланмасига замин яратади. Бу нафақат Ўзбекистон учун, балки, қўшни Қозоғистон Республикаси учун ҳам жуда катта иқтисодий самара бериши шубҳасиз.

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.