Озон қатламини қандай асраймиз?

Озон қатламини қандай асраймиз?

Атмосфера ҳавоси асосан 78 фоиз aзот ва 21 фоиз кислороддан ташкил топган. Кислороднинг бир қисми атмосферада уч молекула кислород  яъни озон сифатида учрайди.

Озон қатлами тирик организмлар учун салбий таъсир этувчи қуёшнинг қисқа тўлқинли ултрабинафша нурларини ютиб қолади. Табиат томонидан бошқариладиган бироз узун тўлқин узунликдаги ультрабинафша нурларни озон қатлами яхши ўтказади. Бу нурлар касаллик туғдирувчи бактерияларни қиради. Одам организмида Д витаминини ҳосил бўлишига кўмаклашади.

Озон қатлами XX aсрнинг иккинчи ярмидан хавф остида қолди. Озон катламининг юпқалашиб, унинг йиртиқлари кўпаймоқда.  Бундан ерга қуёшнинг ультрабинафша нурлар таъсири ортиб, ердаги барча тирик мавжудот оламига  бўлган салбий таъсир кучаймоқда. 

Об-ҳавонинг қуруқ келиши, хар йили минтақада миллионлаб дарахтлар ҳам сувсизлик қурбонига айланиб, тирик мавжудот учун энг керакли бўлган кислород алмашув мувозанатининг хам бузилишига сабаб бўлмоқда.

Ҳеч кимга сир эмаски қўшни Тожикистоннинг алюмин заводи, ўзимизнинг Навоий азот, Чирчик,  Олмалиқ ва Ангрен кон-металлургия, Шўртан ва Муборак газни кайта ишлаш заводларидан чиқаётган зарарли газлар атмосфера, атроф-муҳитни, табиатни зарарлаб келаяпти.

Хлор, фтор ва углерод газлари атмосферада 1950  йиллардан бошлаб тўпланиб, йилига  5-10 фоизда кўпайиб борди. Улар одатда совуқхона техникасида ҳавони совутишда, фенопластит маҳсулотлар тайёрлашда, саноат учун аралашмаларни эритишда фойдаланилди.

Америкалик мутахассисларнинг фикрича, атмосферага чиқарилган турли техноген чиқиндилар таркибидаги фрён газлар атомлари ер юзасидан кўтарилган иссиқликни ис газига нисбатан 10000 марта самаралироқ тўхтатиб қолар экан.

Озон қатламининг юпқаланиши билан ўртача тўлқиндаги ультрабинафша нурларининг ер юзасига келиши кўпаяди. Ўтказилган тадқиқотларнинг кўрсатишича, ушбу нурлар бошоқли экинлар бўғдой, арпа, шоли, картошка ва соянинг маҳсулдорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Озон қатлами бузилиши илк бор 1985 йилда Антарктида осмонида юз берди. Бу ҳол “Озон туйниги” номи билан атала бошланди. “Озон туйниги” 1995-96 йилларда аҳоли зич яшайдиган Шимолий Америка, Осиё ва Европа қисмида кузатилди.

Озон қатламини олдини олиш мақсадида 1987 йил Монреал шаҳрида 24 мамлакат вакиллари иштирокида Монреал қайдномаси имзоланди. Унда 1999 йилга келиб барча мамлакатларда фреон маҳсулоти ишлаб чиқаришнинг 50 фоизга камайтиришга келишиб олинди.

1989 йилнинг 5-6 мартда “Озон қатламини қутқарайлик” шиори остида Лондонда ўтказилган конференцияда 120 та мамлакат вакиллари ушбу муаммони тезроқ хал қилиш йўллари хусусида фикр алмашдилар.

1989 йил май ойида 81 мамлакат олимлари, мутахассислари ҳамда давлат арбоблари қабул қилган Озон қатламини муҳофаза қилиш Хельсинки деклорациясида 2000 йилгача фреон газларидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотни камайтириб бориш тадбирлари белгилаб олинди.

Ана шу тадбирлар изчиллик билан амалга ошириб борилсагина сайёрамиздаги ҳаёт қалқони ҳар доим бутун бўлиб, инсон саломатлиги ва барча тирик  организмларнинг шароитлари тўла сақланиб қолади. 

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист

 

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.