Миллиардер Алишер Усмонов ўзининг бизнес-схемасини қандай ўйлаб топган?

Миллиардер Алишер Усмонов ўзининг бизнес-схемасини қандай ўйлаб топган?

Россиянинг энг бой кишиларидан бири Алишер Усмонов ўзининг биринчи бизнес-схемасини талабалик даврида картошка тергани борганида ўйлаб топган. У бу ҳақда Вячеслав Духиннинг “МГИМО. Дунёнинг барча тилларида” номли ҳужжатли фильмида айтиб берди.

USM Holdings асосчиси 1976 йилда битирган олий таълим даргоҳи ҳақидаги хотиралари билан бўлишди. Ўша даврда талабаларни картошка тергани жўнатишган ва бўлажак миллиардер ҳаётидаги биринчи бизнес-схемасини ўшанда ўйлаб топган.

“Тарозига қараб турибман. ЗИЛ келди, 3600 кило. Бизда эса кичкина трактор бор эди – 1200 кило. Ўйлаб қолдим, 3600 3500 бўлса, бизники 1300 бўлса, бизда кўпроқ картошка бўлади ва режани тезроқ бажарамиз. Уч кундан кейин картошка териш бўйича кўрсаткичимиз шундай кўтарилиб кетдики, мени бир ҳафтадан сўнг Москвага жўнатиб юборишди, бир ойлик режани бажариб қўйгандик”, деди Усмонов.

Тадбиркор шунингдек, дастлаб ўқишга кира олмаганини ҳам эслади.

Усмоновнинг эслашича, ўша пайтда собиқ иттифоқ республикалари учун ҳам МГИМОга кириш учун квоталар ажратилган. Алишер Усмонов миллий квота бўйича ҳужжат топширган. Тўрт даъвогар орасидан энг юқори баллни у олганига қарамасдан, ундан озроқ балл олганлар – юқори лавозимдаги амалдорларнинг фарзандлари ўқишга киришган. 

“Агарда миллий квота бўйича эмас, умумий йўналишда ҳужжат топширган бўлганимда, ўқишга бемалол кирган бўлардим”, деди у.

Шундан сўнг Усмонов Ўзбекистонга қайтган ва қиличбозлик билан шуғулланган. У спорт устасига айланган, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига, кейинроқ СССР терма жамоасига қабул қилинган. Кейинги йили эса Москвага қайтиб бориб, МГИМОга ўқишга киришга муваффақ бўлган.

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.