Ҳожибой Тожибоев: Ҳафа бўлганимни айтиб қўйинг!

Ҳожибой Тожибоев:  Ҳафа бўлганимни айтиб қўйинг!

 


2008 йил. Сўзнинг қудратидан хаёлга келмаган ноёб кашфиётлар ярата олган буюк зот Ҳожибой Тожибоев ўзининг сўнгги концерт дастурини намойиш этди . Концертдан сўнг журналист дўстим Исматилла Худоёров Ҳожибой Тожибоевдан интервью олган .Суҳбат тугагач Ҳожибой ака " Рўзибой Қўлдошевни кўрсангиз аввал саломимни кейин хафа бўлганимни айтиб қўйинг ", дебди . Бундан хабар топгач Ҳожибой акага телефон қилиб ҳол-аҳвол сўрадим . Чунки , ўша пайтлар у кишининг атрофида ҳар хил миш-мишлар айланиб қолган вақт соғлиги ҳам яхши эмас эди . Саломатлигини тиклаш учун олаётган муолажаларнинг таъсири сезилмаганидан хабарим бор эдида.Мен тезроқ тузалиб қолишини айтиб , мавзуни ўзгартирдим . Мухлислар концерт жуда яхши ўтганлигини эслатдим ."Тўғри , ўзимга ҳам манзур бўлди, бизни деб келадиганларнинг борига шукур.Лекин сиздан хафаман."деди суҳбат асносида . "Нега ",дедим унинг сабабини билиш учун . 
– Тўрт минг ўринли зал мухлислар билан тўлди . Қучоқ–қучоқ гуллар билан олқишлаб туришди . Аммо нимагадир шу концертда сизнинг бўлишингизни хоҳладим .
Биз Ҳожибой Тожибоев билан тез–тез кўришиб турмасакда , тўй ва тадбирларда учрашиб қолсак узоқ суҳбатлашар эдик . У киши мени ўзига яқин олиб дардлашар ва шунинг учун дўстлашиб қолгандик. Билдимки демак , мендан хафа бўлиши ўринли. Ўзи Ҳожибой Тожибоев табиатан ўта жиддий ва дардини ҳаммага дастурхон қилавермас эди . Ҳожибой аканинг кўнглини кўтариш йўлларини ўйладим .Дафатан бир фикр хаёлга келди.
–Ҳожибой ака,–дедим телефон гўшагидан менинг жавобимни кутаётган буюк сўз устасига ,– сизни тушундим . Энди ушбу хатони тўғирлаймиз,–дедим .
–Қандай қилиб ?
–Йўли бор ,–дедим .Худо хохласа кейинги концертингизга олдиндан билет оламан ва ўнта гул биздан бўлади . 
Ҳожибой ака миннатдор бўлди. Гап орасида тўй тадбирларга таклиф қилишаётгани лекин бориб келиш тобора қийин бўлаётгани ҳақида гапирди .Оёқлари ишламай қолар экан . 
–Даволанинг ,–десам ,–бефойда ,– деди чуқур хўрсиниб .
Миллионлаб мухлислар қалбини забт этган сўз устасининг тузалмас дардига малҳам бўлишнинг имкони йўқлиги кўп ўтмай аён бўлди . Ёзнинг иссиқ кунларининг бирида телефон жиринглади .Яқин танишларимдан бирининг маюс овози вужудимни ларзага солди .
–Ҳожибой акангиз оламдан ўтди ...
Республика шошилинч тиббий хизмат марказига учиб бордим . Касалхона атрофида одамлар тўпланган . Кўпчилик Ҳожибой Тожибоевнинг оламдан ўтганига ишонмай , кузатиб турибди .Яна бошқа мухлислар эса кўзда ёш билан унинг ўлими сабабини суриштиряпти.Озроқ вақтдан сўнг ЎЗБЕК халқининг севимли инсонига айланган ва бугундан эътиборан унинг номи эсланганда "Оллох раҳмат қилсин "деган сўз қўшиб айтиладиган Ҳожибой Тожибоевнинг жасади олиб чиқилди .Уни узоқ вақт қийнаган жигар хасталиги ҳақиқатан ҳам халқимизнинг мард ва бетакрор фарзанднинг умрига якун ясади . Бу бевафо дунё яна бир улуғ инсон билан видолашган эди.
Бугун Тожикистон Республикасининг Жаббор Расулов туманидаги Янгиқишлоқ қишлоғидаги қабристондан руҳи қўним 
топган Ҳожибой Тожибоев қабри ёнида туриб сўз устаси билан боғлиқ хотиралар ёдга тушди .
, Ваъда қилинган гуллар ўрнига Ҳожибой Тожибоев қабри ёнида туриб Қуръони каримдан оятлар ўқидик. Турмуш ўртоғи Майсара опа ва катта қизи Ҳилола ҳамда машҳур Ҳожибой Тожибоевнинг яқинлари билан буюк сўз устасининг эзгу фазилатларини эсладик.Жойингиз жаннатда бўлсин Ҳожибой ака !

Рўзивой Қўлдошев

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.