Ҳокимлар ноқонуний қарорлари учун қачон жавоб беради?

Ҳокимлар ноқонуний қарорлари учун қачон жавоб беради?

Ёки ноқонуний қарорлари билан кимларнидир азият чекишга мажбур қилаётган ҳокимлар сувдан қуруқ чиқаверадими?

Қаердадир муаммо газак олиб, халқ кўчага чиқиб кўз ёшини оқизаётгани адолатданми?

Ижтимоий тармоқлар уй бузиш “операциялари” билан боғлиқ юракни эзувчи мурожаатларга тўлиб бормоқда.

Уйини ҳимоя қилиш учун болта кўтарган, амалдорнинг қизи бўлганимда уйим бузилмасди, деб ёзғираётган аёллар нега бундай ҳолга тушмоқда?

Нега бутун бошли бир маҳалла аҳли уйимиз бузилса, қиш кунида қаерга борамиз, деб фиғон кўтармоқда?

Бундай шафқатсиз бузиш ишлари Хоразмда содир бўлганидан сўнг Президентимиз хоразмлик амалдорларни “Менинг сиёсатимга энг катта душманлик қилаётганлар”, деб атаган эди.

Ҳақиқатан, қачонки уй бузиш билан боғлиқ ҳолат рўй берар экан, аввало, бу оддий халқни қийин аҳволга солиб, уларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Бундай ҳолатларга мутасадди идораларнинг жавобларида эса “ноқонуний қурилишлар қонун бўйича бузилади”, деган қуруқ жавоблар янграётир.

Бироқ, шу ноқонуний қурилиш ишларидан олдин бу мутасаддилар қаерда эди?

Ахир бир уйга пойдевор қилиб, уни тиклаш учун қанча меҳнат, маблағ сарфланади. Қолаверса, бу бир кунлик иш эмас. Бунга камида бир неча ой кетади.

Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Чорбоғ қишлоғи “Гулобод” маҳалласи аҳолисининг ижтимоий тармоқларда тарқалган видеомурожаатида кўриниб турибдики, уларнинг ҳаммаси жуда оддий, таъбир жоиз бўлса, фақир кишилар. Барчаси фарзандлари, (турмуш ўртоқлари)нинг хорижда мардикорлик қилиб топиб жўнатган пулларига амаллаб иморат тиклаган.

Айнан шу маҳаллада яшовчи Холбиби Донаева ижтимоий тармоқда ўз уйини болта кўтарган ҳолда ҳимоя қилган видоси тарқалгач, бу масалага масъуллар “ойдинлик” киритди.

Қайд этилишича, “Х.Донаева 2019 йил 6 апрелда Сариосиё тумани ҳокими номига ариза билан мурожаат қилиб, якка тартибда уй-жой қурилиши учун 0,10 сотих ер майдони ажратилишини сўраган.Сариосиё тумани ҳокимининг 2019 йил 10 апрелдаги 2116-сонли қарори билан фуқаро Донаева Холбибига туманнинг “Гулобод” маҳалласи Чорбоғ қишлоғи ҳудудидаги 7қ-дала контуридан якка тартибда уй-жой қуриш учун 1000 кв.м ер майдони ажратиш белгиланган”.

Ҳокимнинг бу қарори нимани англатади? Албатта, уй-жой қуришга бўлган ҳуқуқни! Шундан сўнг бу аёл ҳозир яшаб турган уйини бунёд этган.

Аммо бу вазиятнинг энг аянчли жиҳати шундаки, орадан олти ой ўтиб (!) туман ҳокимининг мазкур қарори Ер кодексининг 45-моддаси (алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерлар) талабига зид равишда қабул қилингани аниқлангани туфайли уни бекор қилиш бўйича (31.10.2019) Сариосиё тумани прокурори томонидан протест келтирилган.

Шундан сўнг туман ҳокими янги қарор қабул қилиб, ўзининг эски қарорини бекор қилган.

Бир томондан қарасанг, масала ҳал: нотўғри қарор бекор бўлди. Бошқа томондан қарасанг, бир оиланинг хонумони куйган! Олти ой ичида қилган меҳнати, топган-тутганини сарфлаб барпо қилган иморати ер билан битта бўляпти. Энг ёмони, унинг ҳаётга, жамиятга бўлган ишончи барбод бўлиб, дод солган (аёлнинг видеосини кўрганлар буни яхши англайди).

Тўғри, Х.Донаевага қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдони таклиф этилган.

 

Лекин бу таклиф аёл учун қулай бўлганида у Президентдан нажот сўраб дод солармиди?!

Қолаверса, масъулларнинг жавобида “Ўрганиш давомида Донаева Холбибига тегишли турар-жой биноси ва пиёз экилган майдони бузилмагани, бироқ, ҳозир қонунга зид равишда ажратилган ер майдонида қурилган ушбу турар-жой масаласида судга даъво аризаси тайёрланаётгани, суд қарори асосида бу масалага ойдинлик киритилиши аниқланди”, дейилган.

Демак, аёл дод солиб жамоатчилик эътиборини бу масалага қаратгани учун уйи ҳозирча бузилмаган. Масъуллар эса бунинг учун суд қарори кераклигини “тушунган”.

Лекин кишини ўйлантирадиган яна бир жиҳат шундан иборатки, айнан ушбу “Гулобод” маҳалласида яна ўнлаб оилалар шундай фожиа гирдобига тушган. Уларнинг Фейсбукдаги Ўзбекистон Республикаси халқ фикри гуруҳида (Шерзод Қосимов қўйган) видеосини кузатсангиз, уйимизни тунлари ухламай қўриқлаяпмиз, деган сўзларини эшитасиз. Ҳолбуки, бу одамлар ҳам ўзича иморат қурмаган. Уларнинг уйлари қурилган ерлар аукцион орқали сотиб олинган.

Бу одамларнинг нолаларини эшитиб, одам ўзини қаерга қўйишни билмайди. Таассуф...Қайси асрда, қандай замонда яшаяпмиз, ўзи?

Аслида ҳокимларнинг вазифаси жойларда давлат сиёсатини тўғри олиб бориш, халқни рози қилиб, уларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлаш эмасми? Ўйланмай чиқарилган қарорлар, бугун қабул қилиб, эртага бекор қилинаётган ҳужжатлар қайси мантиққа тўғри келади?

Айнан ушбу мавзу жорий ҳафтада ижтимоий тармоқларни ларзага келтирди ва кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди.

Dilmurod Xudoydotovнинг қайд этишича, шароити йўқ жойларда халқ яшаяпти. Бунинг устига уйи бузилса... Зўр “схема”ўйлаб топишибди: биттаси аукционда сотиб пулини олади, иккинчиси бекор қилади

Гафур Жураевичнинг фикрича, минг афсус, замон зўрники бўлиб қолди.

Turgun Turgunэса шундай ёзган: Мана шу буз-бузлар бошланибдики,ҳали эшитмадим — на ҳокимни, на прокурорни ёки ички ишлар ходимининг уйи бузилганини. Бундан келиб чиқадики,ҳолвани ҳоким, калтакни етим ейдими?

Далер Раҳимов: Умиддамизки, бу Президентга етиб боради ва чора кўрилади.

Тўлқинжон Аҳмадалиев: Бир дона бўлса ҳам мард борми? Халқни қийнамасдан текшир, аукцион ҳужжатларини кўриб чиқ. Айбдорни жазола, халқни эмас. Агар халқ бўлмаса,мансабдорларнинг ҳеч кимга кераги йўқ. Буни эсдан чиқарманг. Президентга қарши борманг.

Муқаддас Алимоваэса совуқ кунда нега қақшаяпти халқ, бу ишларда Президентнинг ҳам айби бор, чунки уларга (ҳокимларга) қаттиққўллик қилмаяпти, деб ёзган...

Бундай аччиқ, аммо очиқ гапларни истаганча давом эттириш мумкин.

Давлатимиз раҳбари барча даражадаги мансабдорларга одамлар дардига қулоқ тутиш орқали уларнинг муаммоларини ҳал этишга даъват этаётган бир пайтда қаердадир муаммо газак олиб, халқ кўчага чиқиб кўз ёшини оқизаётгани адолатданми?

Ер билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар содир бўлган экан, уни бартараф этишнинг одамларга зарари етмайдиган йўлини топиш наҳотки мумкин бўлмаса?

Бош прокуратура маълумотига кўра, сўнгги икки йилда 56 минг гектар ер майдони ҳокимликлар томонидан ноқонуний ажратилган.

Сўнгги икки йилда ер сотиш, талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 473 жиноят иши қўзғатилиб, 543 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Бу даврда 295 нафар мансабдор шахс ер қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жиноятларни содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилганлиги.

Жиноий жавобгарликка тортилганларнинг аксарияти эса кадастр ходимлари, ҳокимликларнинг масъул ходимлари, нари борса бир-иккита ҳоким ўринбосарларидир.

Аслида туманлар ҳокимларининг изнисиз ҳеч ким бир қарич ерга ҳам эгалик қила олмайди. Бундан чиқадики, уларнинг кўпчилиги қонунбузарликларга панжа орасидан қараб томошабин бўлган. Бироқ, ҳеч бири жавобгарликка тортилмаган.

Ноқонуний қарор чиқарган, бу қарори билан кимларнидир азият чекишга мажбур қилаётган ҳокимлар нега сувдан қуруқ чиқаверади? Ҳокимлар ноқонуний қарорлари учун қонун олдида, халқ олдида жавоб бермайдими?

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.