Қалб жароҳати

Қалб жароҳати

 

Савдо-сотиқ гуллаб-яшнаган шаҳарда бир амалдор яшаганди. Кунларнинг бирида у бозор майдонидан ўтиб бораётганида, қандайдир нотаниш жулдур кийимли киши ёнига яқинлашиб, ҳақоратли сўзларни айтиб бақира бошлади ва юзига тупургач, қаёққадир чопиб кетди. Бу шармандаликни кўтара олмаган амалдор хасталаниб ётиб қолди.

Аҳвол шу тарзда давом этса, у ўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Аммо дўстлари уни қалб жароҳатларини ҳам даволай олиш маҳорати билан танилган табиб ҳузурига боришга кўндиришди. Амалдор боргач, табиб унга бешта дори берди ва ҳар кеча аниқ бир вақтда уйғониб, улардан бирини ичишни буюрди.

Қоронғи тушди. Амалдор тунда уйғониб биринчи дорини ичди. Уйқуга ётгач, у тушида ўша бозор ва қаршисига келиб юзига тупурган жулдур кийимли кишини кўрди. Чидаб бўлмас даражадаги бу таҳқирлаш ва уятдан бемор ғоят қаттиқ инграб юборди ҳамда уйғониб кетди.

Кейинги тунда у иккинчи дорини қабул қилди ва айнан ўша тушни кўрди. Бироқ бу сафар унинг қалби шармандалик ўрнига юракни музлатиб юборувчи қўрқувни ҳис қилди. Учинчи кечада ҳам бемор худди ўша тушни кўрди, аммо энди уялиш ва қўрқувни эмас, балки чуқур қайғуни ҳис этди. Амалдор бу ҳолатдан ажабланди, аммо табиб кўрсатмаларини охиригача бажаришга қарор қилди ва кейинги тунда тўртинчи дорини ичди. Албатта у яна ўша тушни кўрди, бироқ бу туш олдинги тунлардагидек оғриқли бўлмади, амалдор фақат енгил ҳайратнигина ҳис этди. Бешинчи тунда эса амалдор кутилмаганда қалбида қувонч пайдо бўлганини сезди. Нима деб ўйлашни ҳам билмаган бемор, дарҳол ўрнидан туриб, маслаҳат сўраш ва янги дори олиш учун табиб ҳузурига йўл олди.

– Дориларимни қабул қилгач, нимани ҳис этдингиз? – сўради табиб.

– Ҳар кеча бир хил – ўша нотаниш киши юзимга тупурганини тушимда кўрдим, – деди амалдор. – Аммо ҳар бир тушим менда янги туйғулар уйғонди. Мен гоҳ шармандаликни, гоҳ қўрқувни, гоҳ ғам-қайғу, гоҳида эса ҳайратни бошимдан кечирдим. Бироқ охирги кечада қалбимда қувонч уйғонди ва бу туйғу мени ҳали ҳам тарк этгани йўқ. Ҳозир эса мен довдираб қолдим – аслида ўша вазиятда нимани ҳис қилишим кераклигини ҳам била олмаяпман…

Амалдорнинг бу гапини эшитиб, табиб кулди ва изоҳ берди:

– Нима юз беришидан қатъи назар, бу воқеага ўзингиз қандай қараш керак деб ҳисобласангиз, шундай муносабатда бўлинг. Ахир ҳар қандай ҳолатда ҳам қайғуга ботишингиз ёки хурсанд бўлишингиз ўз танловингизга боғлиқ. Юзингизга тупурганларига келсак, ўзини ақлли деб билган одам бу нарсага шунчаки эътибор бермай қўя қоларди. Айниқса, сизни хафа қилган киши ақлдан озган бир тентак бўлса… унинг тупуги бирдан кўтарилиб, кўзингизга чанг тўлдирган шамолнинг таҳқирлашидан ортиқ эмас…

Русчадан Муҳаббат Шарифова таржимаcи.

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.