Энг қадимий меҳмонхона қайси давлатда эканлигини биласизми?

Энг қадимий меҳмонхона қайси давлатда эканлигини биласизми?

Маълум бўлишича, жаҳон тарихида илк бор барпо этилган меҳмонхона ҳозирда 1300 ёшда экан. 

Бугун дунёдаги меҳмонхоналар сони ҳақида биласизми? Илк барпо этилган меҳмонхона ҳақидачи?

Bold Data илмий-тадқиқот марказининг тарқатган маълумотларига кўра, бугун жаҳонда 1 073 500 та меҳмонхона мавжуд. Улардан 402 933 таси эса “юлдуз”ли меҳмонхоналардир. 

Илк меҳмонхона 705 япониялик тадбиркор Фуживара Махито томонидан ишга туширилган. Ушбу маълумот тарихий асарларда учрамайди. Аммо ҳақиқат шундаки, 13 асрлик тарихга эга “Nishiyama Onsen Keyunkan” меҳмонхонаси бугунги кунда меҳмонларни қабул қилади ва 2011 йилда ушбу муассаса дунёдаги энг қадимий меҳмонхона сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Меҳмонхона ҳақида битилган тарихий асарларда 11 асргача бўлган маълумотлар учрайди. Бу қадимий меҳмонхона асосчиси Фуживара махитонинг вафотидан сўнг унинг ўғлига, сўнгра меросхўрларига ўтган.   “Nishiyama Onsen Keyunkan”  меҳмонхонаси ҳозирда асосчининг 52 авлоди томонидан бошқарилади. 

Ҳайратланарлиси, минг йилдандан ортиқ вақт ўтса-да, меҳмонхона эгалари бир оила аъзолари бўлишган. Фуживара Махитонинг ўзи эса ўша вақтдаги япон императори Тенжининг ёрдамчиси эди. Меҳмонхонанинг улуғворлиги ва ҳозирга қадар машҳурлигида императорнинг ҳомийлиги ҳам сабаб бўлгандир. Меҳмонхона Хонсю оролидаги Яманаши префектурасида жойлашган. Бу ерда денгиз пляжи йўқ. Бироқ, машҳур Фудзияма тоғига бориш учун бир неча соат кифоя қилади. Меҳмонхона доим одамлар билан гавжум. 

 Гап шундаки, меҳмонхона атрофида термал булоқлар мавжуд, шунинг учун ҳам бу ерга нафақат японияликлар, балки бутун дунёдан сайёҳлар ўзларининг соғлигини тиклаш учун келишади. Меҳмонхонанинг яна бир ўзига хос жиҳати қишда айнан термал булоқлардаги табиий иссиқ сувлар билан иситилади ва булоқлардан ичимлик суви сифатида ҳам фойдланилади. 

Қадимдан ушбу меҳмонхона япониялик жангчилар, самурайлар орасида жуда машҳур бўлган. Урушдан қайтган жангчилар ушбу меҳмонхонадан қўним топар, яраларини даволар ва дам олиб яна йўлида давом этардилар. 

Меҳмонхона кўп асрлар давомида бир неча бор қайта қурилган, реконструкция қилинган, аммо жойлашуви ўша жой бўлиб қолмоқда. 


Ҳозирги вақтда меҳмонхонада 40 га яқин хоналар, бир нечта ванна мавжуд, уларнинг баъзилари ёпиқ, қолганлари эса очиқ. Ходимларнинг инглиз тилини яхши билишига қарамай, қадимги Япониянинг анъаналари қатъий сақланиб қолган.

Масалан, меҳмонлар столларда эмас, балки татами устида ўтиришади. Ҳатто анъанавий япон кийимларини кийиш тавсия этилади.

Анъаналар сақланиб қолганига қарамай, бу ерда нархлар жаҳон стандартларига мос. Бир сутка оддий икки кишилик хонани ижарага олиш 35 минг иена, ёки 300 АҚШ долларини ташкил этади. 

Меҳмонхона вакиллари меҳмонларга бу ерда императорлардан ёки зодагонларнинг ҳарбий раҳбарларидан кимлар қадимда меҳмон бўлганлиги тўғрисида сайёҳларга мамнуният билан хабар қилишади.

Масалан, Сёгунлар асосчиси Токугава Иэясу ҳақида фахрланиб гапиришади. Ушбу иншоат сўнгги бор 1998 йилда тўлиқ таъмирдан чиқарилган. Бу меҳмонхонада ҳатто ривожланган 21 асрда ҳам интернет ва телевидение мавжуд эмас ва бу унинг ўзига хослиги билан изоҳланади.  

Бу ерга ташриф буюрувчи меҳмонларнинг аксарияти технологиялардан ҳоли бўлиш, тинч ва осуда яшаш ва ўзини самурайлардек ҳис этиши учун ҳам келадилар. Меҳмонлар бир неча кун бу ердаги термал булоқлардан баҳраманд бўлади ва турли муолажалар ҳам оладилар. 

Меҳмонхонадаги махсус ҳаммомларга киришдан аввал яхшилаб совунлаб ювиниш ва кирганда ҳам қоидаларга қатъий амал қилиш лозим бўлади. Мисол учун бу ерда овозни баландлатиш мумкин эмас. Хуллас, бу ердаги асосий қоида осуда ҳаётни ҳис этиш. 

Шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунда Японияда 26 000 дан ортиқ термал булоқлар мавжуд. Бу эса, даромади бизнес учун яхшигина имконият деганидир.  Бугун замонавий меҳмонхоналари билан ҳар қанча мақтана оладиган кунчиқар юртда юқори рақобат шароитида ҳам қадимий меҳмонхоналар мамлакатдаги энг машҳурлардан бўлиб қолмоқда.  

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.