БИЗ ҲАМИША УЛАР КАБИ ЎЙЛАМАЙМИЗ...

БИЗ ҲАМИША УЛАР КАБИ ЎЙЛАМАЙМИЗ...

Мулоҳаза

“Ниҳоят, COVID-19: коронавируснинг давоси топилди. Барчаси ортда қолди. Соғайганлар бирин-кетин уйига қайтарилмоқда, мавжуд беморларнинг ҳам аҳволи яхши. Тўғри, бунга эришиш осон кечмади, ўзига яраша йўқотиш ва талафотлар ҳам бўлди. Аммо биз буни барибир уддаладик”!..

Ишончим комил, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари томонидан шу мазмундаги ахборотлар янграйдиган кунлар ҳам албатта келади. Аммо ҳозирча коронавирус пандемиясига қарши кураш жараёнидаги бошқа бир мавзуга тўхталмоқчиман.

Маълумки, шу кеча-кундузда дунёнинг барча давлатларини ташвишга солаётган COVID-19 мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Шу боис, республикамизда ҳам ушбу вирус аниқланган илк бемор ҳақида маълумот пайдо бўлган кундан эътиборан, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда барча зарурий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бош вазир раҳбарлигида махсус комиссия гуруҳи ташкил қилиниб, умумий вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидимиологик осойишталик агентлиги назоратига олинди. Вируснинг аҳоли орасида тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимиз фуқароларига зудлик билан коронавирус ҳамда уни юқтириб олмаслик бўйича эҳтиёткорлик чоралари тушунтирилди. Вазият жиддий тус олишига йўл қўймаслик мақсадида оммавий карантин ҳолати жорий қилинди. Карантин қоидаларига амал қилмаганлар учун маъмурий, ҳатто жиноий жавобгарлик чоралари кўрилиши ҳам белгилаб қўйилди. Мавзуимизнинг асл моҳияти эса масаланинг айни шу нуқтасидан бошланади.

Гап шундаки, бошқа бир вазият бўлганда айрим кишиларнинг ушбу таҳликали жараёнда ўзини тутиши ва айрим қилмишларига “Гуруч кўрмаксиз бўлмайди” ёки “Ҳа, энди нима дейсиз, беш қўл баравар эмас-да, ҳар кимнинг хоҳиши ҳар хил”, дея андишаланиб қўя қолардик. Бироқ, бу бошқача вазият эмас. Оқибати дунёнинг энг ривожланган давлатларида ҳам яққол намоён бўлаётган аниқ ва ўта жиддий жараён. Масалага мамлакатнинг барча бошқарув ташкилотлари жалб қилинган айни  ҳолатда Биз – оддий аҳолидан бор йўғи талаб қилинаётгани: карантин қоидалари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига амал қилиш, холос. Аммо, бизчи?.. Афсуски, халқимиз орасида “гап юқмайдиганлари” ҳам талайгина экан. Уларнинг қилмишига энг муносиб муносабатни давлатимиз раҳбари билдирди: “Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Бизда аниқланган касаллар сони кам-ку, 100 тага ҳам етмайди, хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат ҳисобланади...” – дея лўнда қилиб таърифлади. Бироқ, Ички ишлар вазирининг 27 март куни берган ахборотига кўра айни пайтга қадар карантин қоидалари бузилган (ниқоб тақмаган)лик бўйича 3649 та ҳолат аниқланган.

Бу кабиларга бир савол туғилади: балки сен учун ён-атрофингдаги ўзгалар ҳаёти муҳим эмасдир. Аммо сен каби яна бири оилангга; отанг, онанг ёки фарзандинг ҳаётига шу тарзда таҳдид солсачи?!

Табиийки, буни ўйлаб ҳам кўришни истамаймиз... Аммо Юртбошимиз биргина ҳолат: Фарғона вилояти Ёзёвон тумани Беруний маҳалласида яшовчи аёлнинг Умрадан қайтиб келиб, уйда карантинда бўлишига қарамасдан карантин талабларини қўпол равишда бузиб, эртаси куни дабдабали маросим ўтказгани ва бунинг оқибатида 4 нафар оила аъзоси инфекция юқтириб олгани хусусида “...Яна қанча одам касаллангани ҳали номаълум”, дея куйиниб гапиргани вазиятга ойдинлик киритди. Наҳотки, шу мисол ҳам кўзимизни очмаса?! Вазиятни англашимиз учун девор келиб бошимизга урилиши шарт эмас-ку! Бу борадаги ягона хулоса, Президентимиз таъбири билан айтганда: “Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилса, биз бу касалликни, албатта, енгамиз”!

Шундай экан, ўзимиз ва ўзлигимизни ҳурмат қилайлик. Нописандлик билан ўзгалар ҳаётига таҳдид солмайлик. Бу бир синов. Миллатимиз, халқимизнинг эса иродаси мустаҳкам. Келинг, қоида ва тавсияларга амал қилиб, юртимиз осойишталиги, хонадонимиз тинчлиги ва давлатимиз равнақига ҳисса қўшайлик.

 

КЕЧА БОШҚА ФИКРДА ЭДИК...

 

Афсуски, мавзуни ушбу жумла остида давом эттирмоқчи эмасдим. Лекин...

Рости, соҳага оид фаолиятим сабаб эмас, инсонийлик жиҳатидан ҳам кечагина шифокорларга нисбатан ўринсиз тажовуз ҳолатларига гувоҳ бўлиб, минг бор тушунишга ҳаракат қилсам-да, бундай фуқароларнинг мақсадини ҳеч англолмас эдим. Нега, нима учун? Ахир, ярим тун бўлишига қарамай, ўз ҳаловатини ўйламасдан сенинг, оила аъзоларингнинг саломатлигига қайғуриб келмадими у? Мен тарафкашликдан мутлақо йироқман. Тўғри, соҳага адашиб келганлар ҳам учраб туради. Аммо, сиз солиқ ходими бўлиб, тўловлар бўйича нотўғри ҳисоб-китоб юритиб қўйсангиз ёки ўқитувчи бўлсангиз-у бировнинг фарзандига мукаммал билим бера олмасангиз сизни ҳеч ким келиб калтаклаб кетаётгани йўқ-ку! Бундай мисолларни ҳар қандай соҳа фаолияти билан боғлаб келтириш мумкин. Сабаби, оддий аҳоли деганимиз ҳам бирор бир соҳа вакилидир. Йўқ, тегирмон гали ўзимизга келганида тилимиз бурро, рўкачларимиз мўл. Аниқроғи, тан олишимиз керак давлатимиз томонидан берилган эркинликни ҳазм қилишга барчамизнинг ҳам қурбимиз етмади... Холбуки, бугун!..      

“Ҳурматли тиббиёт ходимлари,  ўз ҳаёти ва соғлиғини гаровга қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар одимларга бутун Ўзбекистон халқи номидан чексиз миннатдорлик билдираман”.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти.

Юртбошимизнинг бу каби сўзларини кўплаб келтиришимиз мумкин. Лекин ҳақиқат шуки, кеча биз ноўрин ҳақоратлаётганимиз ҳам айни шу шифокорлар эди! Дард келганда сабр қил, дейди. Аммо шукурли онларимизда ҳам бу фидойиларнинг заҳматини унутмайлик. Негаки, кўза кунда эмас кунида, деганидек иссиқ жонимизнинг иситмаси бор. Коримизга ярайдиганлар эса бугунги “жанг майдони”даги қаҳрамонлардир.

Дарвоқе, карантин қоидаларига амал қилинг. Уйда қолинг!

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

  

 

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.