Андижонда мактаб ўқувчилари оммавий заҳарланди

Андижонда мактаб ўқувчилари оммавий заҳарланди

Кеча, 8 октябрь куни соат 20:30 да Андижон туман юқумли касалликлар шифохонасига 4 нафар фуқаро кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасидаги оғриқ, тана ҳароратининг  кўтарилиши каби шикоятлар билан мурожаат қилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Сўнгра соат 24:00 га қадар фаол аниқлаш йўли билан 23 нафари «овқат токсикоинфекцияси» бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Уларнинг 24 нафари Андижон туманининг 35-мактаб ўқувчилари, 1 нафар синф раҳбари, 1 нафар мактаб ўқувчисининг онаси, яъни туғилган кун муносабати билан торт тайёрлаб олиб борган фуқаронинг ўзи ҳам заҳарланган.

Шунингдек, 1 нафар шу синфнинг ўқувчиси уйда тарбияланаётган кичик ёшдаги синглисига ўша торт бўлагидан берганлиги натижасида унда ҳам заҳарланиш қайд этилган.

Ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб бориш учун воқеа жойига вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят санитария-эпидемиология осойишталиги маркази, вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси мутахассислари жалб этилди. Барча беморлардан олинган таҳлил намуналари вилоят СЭОМ лабораториясида ўрганилмоқда. Ҳозирда шифохонада 12 нафар бемор даволаняпти, 15 нафари аҳволи яхшилангани учун уйига рухсат берилган.

Беморларнинг аҳволи, лаборатория таҳлил натижалари, якуний ташхис ҳамда ўтказилган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар тўғрисида қўшимча ахборот тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолати куни кеча Самарқандда ҳам қайд этилганди.

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.