Адолатсиз суд жараёнлари ёхуд божхонадаги қинғирликларни ким фош этади?

Адолатсиз суд жараёнлари ёхуд божхонадаги қинғирликларни ким фош этади?
Уч ойдан буён жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти, Чиноз туман судига Тошкент шаҳридан журналист сифатида қатнадим.
 
Судланувчилар Самарқанд шаҳридан келишади. Ниҳоят суд якунланиб ҳукм ўқилди. Бу ҳукмдан судланувчилар қаторида мен ҳам норози бўлдим.
 
Судланувчи Олғирбой Мухторов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 58 ёшда, оилали, вақтинча ишсиз. Бироқ “Каптива” русумли автомашинаси бор. (Ишсиз одамлар машина ҳайдайди-да! Ол-а!) Самарқанд шаҳрида яшайди. 2001 йилдан буён Россия Федерациясининг Москва области, Димитров туманида “иш”лаб келади. (Самарқандага келганида “ишсиз” дея ёзилади ёки эътироф этилади бечора). 
 
Олғирбой Москавада 2001 йилдан буён айнан почта жўнатмалари билан шуғулланади. Чунки “ёғ”ли ишда. Калласини ачитиб ўтирадими? Бошқа қиладиган иши йўқ. Шу ишининг ортидан қизини Москвада ўқитаяпти. Самарқанддан Моквага боради. Тахминан бир ҳафта туради, (гоҳида почта йиғилишига қараб 10-15 кун). Ўша вақт ичида почта йиғиб яна ортига қайтади.
 
У ҳар доим Москвадан қайтаётганида почта олиб қайтади. Телефон рақамини интернетдаги “Почта” хизматига жойлаштирган.  Ҳеч қачон қуруқ қайтмаган. 
 
Олғирбойнинг касрига қолган яна бир судланувчи Мўмин Худойберганов, 32 ёшда. У Самарқанд давлат чет тиллар институтига бир неча бор ҳужжат топшириб, доим контрактга ўқишга кирган. Уйда отаси, синглиси ногирон. Битта онаси ишлайди. Контракт пули тўлашга қурби етмайди. Шунинг учун 2011 йилда Москва давлат молия ва саноат университетига ҳужжатларини топшириб, у ерда ҳам ўқишга контрактга кирган. Икки йил ўқиган, ишлаган. Контракт пули минг доллардан ошиқ бўлган. Ўзи ишлаб тўлаган. Учинчи йили контракт пулини тўлашга қурби етмаган. Академик таътил олган. Ҳар қанча ишласа ҳам контракт пулини йиғолмаган. Шунинг учун ўқишини давом эттиролмаган.
 
Суд ҳукмида эса Мўминни “...2013 йилдан Россия Федерацияси Моква шаҳрида ишлаб келган” дея ёзиб гўёки уни Москвага ишлаш учун борган “гастарбайтар”дек қилиб кўрсатган.
 
Аслида бу йигит ўқиш, илм олиш илинжида борганку! Қани ҳақиқат! У судда ҳам бир неча маротаба ўқиш учун Москва шаҳрига борганлигини  такрорлаганди.
 
Мўмин 2018 йилда Москвадан бутунлай Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлиб авиачипта сотиб олган. Олиб келадиган буюмлари кўп бўлганлиги сабабли интернетга кириб “почта” олиб кетадиганларни излаган. Олғирбойнинг телефон рақамини олиб гаплашган, учрашган.
 
Мўмин Олғирбойга 4 дона қутиларни ичини очиб кўрсатган. Иккита қутида кийим-кечак, иккита қутида 35 дона тарихий ва диний китоблар борлигини айтган. Ҳаттоки Амир Темурнинг сурати мавжуд бўлган тарихий бир китобини олиб, ичини очиб ҳам кўрсатган. Ислом дини ҳақидаги ҳар бир китоб Москвадаги дин ишлари қўмитасининг рухсати билан чоп этилган, лицензияси бор китоб дўконидан сотиб олганини ҳам айтган. 
 
Худди шу пайтда Олғирбойнинг ўғли телефон қилиб, отасига таъқиқланган нарса олиб келмаслигини қайта-қайта таъкидлаган. Бу гапни эшитган Мўмин агарда диний китобларни божхонадан ўтказишмаса, Қозоғистонда бирор жойда қолдиришини, кейинроқ бориб ўзи қайтариб олишини айтган.
 
Шунда Олғирбой Қозоғистонда “Ҳасан” исмли таниши борлигини, ўшанга бериб кетиши мумкинлигини айтиб, унинг телефон рақамини берган.
 
Суд ҳукмида эса бу гаплар суд мажлиси баённомасини юритувчи судья ёрдамчиси Ноиба Инъомова томонидан жуда чиройли  қилиб “талқин” қилинган. Яъни “Ҳасан”ни Мўминнинг шериги қилиб акс эттирган. Ҳукмда шундай ёзилган “...О.Мухторов китоблар орасида диний мазмундаги китоблар борлигини ҳам кўрганлиги, шунда О.Мухторовга ушбу китобларни Қозоғистон Республикасидага “Ҳасан” исмли танишига ташлаб кетишини, китобларни кейинчалик ўзи олиб кетишини айтганида, О.Мухторов унга китобларини ҳам Ўзбекистонга олиб ўтиб беришини маълум қилган...”.
 
“Салла” деса калласини олиб келадиган шундай ёрдамчиларни ким ишга олганийкин-а? Ўша ерда эшитиб туриб ҳам ёлғон ёзадими?
 
Нафси бузуқ Олғирбой Мўминни ҳамшаҳрим экан деб имтиёз бермаган. У берган буюмларни тортиб кўриб, 20 килограмм эканлигини аниқлаб, ҳар бир килограмм юк учун 150 Россия рублидан жами 3.000 Россия рублини қуртдек санаб олган.
 
Мўмин унга буюмларни божхона декларациясида ёздиртириб, кейин Ўзбекистонга олиб ўтишини қайта-қайта тайинлаган.
 
17 йилдан буён “почта” ташиб унинг ҳадисини  олган Олғирбой китобларга келганда божхонадан шундоқ ўтиб кетишини кўзлаган. Демак, у бундан олдин ҳам шунга ўхшаган буюмларни декларацияга киритмасдан олиб ўтган шоввоздир.
 
2018 йил 23 сентябрда Олғирбой “Каптива” русумли автомашинасида Қозоғистондан Ўзбекистонга ўтиш учун Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган “Яллама” чегара божхона пости орқали автоуловда бўлган 35 дона рус тилида чоп этилган тарихий ва диний мазмундаги китобларни йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатмасдан олиб кирмоқчи бўлган. Божхона ходимлари китобларни олиб қўйган.
 
Бу китобларни Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг дастлаб 19.10.2018 йилдаги № БЛ-078-сонли эксперт Д.Муртозоевнинг хулосасини суд жараёнида эшитдик. Экспертга ҳал этиш учун қуйидаги саволлар қўйилган:
 
• Тақдим этилган материалдаги маълумотлар диний мазмундаги маълумотлар туркумига кирадими ёки кирмайдими?
 
• Тақдим этилган материалдаги маълумотлар диний мазмундаги маҳсулотлар туркумига кирган тақдирда, улар Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Ўзбекистонга олиб кириш ва фойдаланишга рухсат этилган диний адабиётлар рўйхатига мансубми?
 
• Тақдим этилган материалдаги маълумотлар Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Ўзбекистонга олиб кириш ва фойдаланишга рухсат этилган диний адабиётлар рўйхатида мавжудми?
 
• Тақдим этилган материалдаги маълумотларда миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи ғоялар мавжудми, агар мавжуд бўлса, материалнинг айнан қайси қисми (жумласи)да мавжуд?
 
• Тақдим этилган материалдаги маълумотлар диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материал бўлиб ҳисобланадими, агар ҳисобланса, айнан қайси тури ҳисобланади?
 
• Тақдим этилган материалдаги маълумотларда диний  экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар мавжудми? Агар мавжуд бўлса, материалнинг айнан қайси қисми (жумласи)да мавжуд?
 
• Тақдим этилган материалдаги маълумотларда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга, ҳокимиятни куч ишлатиб эгаллашга, сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга, ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилишлар мавжудми? Агар мавжуд бўлса материалнинг айнан қайси қисми (жумласи)да мавжуд?
 
• Тақдим этилган материал Ўзбекистон Республикасида фаолияти чекланган ёхуд тақиқланган ташкилотларга тегишлими? Агарда тегишли бўлса, қайси фаолияти чекланган ёхуд тақиқланган ташкилотга мансуб?
 
• Тақдим этилган материални Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш учун бирон-бир чеклов ёхуд тақиқлар мавжудми?
 
Эксперт Д.Муртозоев “Хулоса”сида шундай ёзилган:
 
• Тақдим этилган материалдаги маълумотлар диний мазмундаги маҳсулотлар туркумига киради.
 
• Тақдим этилган материалдаги маълумотларда миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи ғоялар мавжуд эмас.
 
• Тақдим этилган материалдаги маълумотларда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга, ҳокимиятни куч ишлатиб эгаллашга, сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга, ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Концтитуцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилишлар мавжуд эмас.
 
• Тадқиқот қисмининг 3-бандидаги маълумотлар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган.
 
• Тадқиқот қисмининг 3-бандидаги маълумотлар ақидапарастликни тарғиб қилувчи маълумотлар ҳисобланади.
 
• Тадқиқот қисмининг 3-бандидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.
 
• Тадқиқот қисмининг 2, 3.1, 4, 5 ва 5.1-бандларида келтирилган китобларнинг муаллифлари Умар Сулаймон ал-Ашқар, Аҳмад ибн Таймия, Солиҳ ибн Фавзон ва Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин исмли шахслар ҳисобланади.
 
Таъкидлаш лозимки, Умар Сулаймон ал-Ашқар, Аҳмад ибн Таймия, Солиҳ ибн Фавзон ва Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усайминларнинг асарлари, фатволарида мазҳабсизлик ғоялари илгари сурилиб, юртимиз мусулмонлари амал қиладиган ҳанафийлик мазҳабидан сезиларли даражада фарқ қилиши, уларнинг асарларидан келтирилган иқтибослар ва бошқа шу каби маълумотларни турли воситалар орқали тарқатиш, олиб кириш ва тайёрлаш аҳоли орасида ихтилоф ва тушунмовчиликларга олиб келиши сабабли уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.
 
27 ёшларга кирган битта шу экспертнинг нотўғри хулосаси туфайли икки кишига ЖКнинг 246-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Яъни камида 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
 
Суд жараёнида судланувчилар ва адвокатлар, албатта, бу хулосадан норози бўлиб, қайтадан экспертиза ўтказишни судьядан қатъий туриб талаб  қилишди.
 
Хайрият, кейинги суд мажлисига судья экспертни ўзини чақиртирибди. Эксперт Д.Муртозоевга адвокатлар саволларини ёғдиришди. 
 
Биринчи навбатда эксперт таржимон эмас. У китобдаги сўзларни луғат орқали таржима қилганини тан олди.
 
Иккинчидан битта экспертнинг хулосасини деб икки киши жабр кўриши керакми? Китоблар лецензияси бор, Москвадаги Дин қўмитасининг рухсати билан давлат нашриётида чоп этилган бўлса. Мўмин уни ҳар биттасини ўқиб, кейин сотиб олмаганку! Китобларни ичида нима ёзилганини билмайдику!
 
Узоқ мунозарадан сўнг суд кейинга қолдирилди. Иккинчи маротаба суд экспертизаси тайинланди. Орадан бир ой вақт ўтгач, тўсатдан судга чақиришди. Аслида бир кун олдинроқ хабар беришлари лозим эди. Нимаям дейси. Ахир у СУД-ДА! Эътирозингиз қабул қилинмайди. Амаллаб соат 15.00.ларда етиб бордик. 
 
Иккинчиси экспертиза хулосаси 16.08.2019 йилдаги № ИН-349-сонли эди. Бунда уч нафар эксперт хулосаси баён қилинган. Уларга берилган саволларга улар шундай хулоса қилишган:
 
• Тақдим этилган материаллардаги маълумотларда миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи ғоялар мавжуд эмас.
 
• Тақдим этилган материаллардаги маълумотларда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга, ҳокимиятни куч ишлатиб эгаллашга, сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилишлар мавжуд эмас.
 
• Тақдим этилган материаллардаги маълумотлардаги маълумотларда диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилмаган, шунингдек, уларда қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар мавжуд эмас.
 
• Тақдим этилган материаллардаги маълумотлар диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапаратсликни тарғиб қилувчи материаллар бўлиб ҳисобланмайди. 
 
• Тадқиқот қисмининг 2-бандидаги маълумотлар юртимизда анъанавий бўлган мотуридийлик ақидавий йўналиши таълимотларига хилоф тарзда шарҳланган бўлиб, улар аҳоли ўртасида турли тушунмовчилик ва ихтилофларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Ушбуни эътиборга олиб, мазкур китобни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.
 
• Тадқиқот қисмининг 1, 3, 4, 5 ва 6-бандларида китобларнинг муаллифлари Умар Сулаймон ал-Ашқар, Аҳмад ибн Таймия, Солиҳ ибн Фавзон ва Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин исмли шахслар ҳисобланади. 
 
Таъкидлаш лозимки, Умар Сулаймон ал-Ашқар, Аҳмад ибн Таймия, Солиҳ ибн Фавзон ва Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усайминларнинг асарлари, фатволарида мазҳабсизлик ғоялари илгари сурилиб, юртимиз мусулмонлари амал қиладиган ҳанафийлик мазҳабидан сезиларли даражада фарқ қилиши, уларнинг асарларидан келтирилган иқтибослар ва бошқа шу каби маълумотлар аҳоли орасида турли ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкинлиги сабабли уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.
Биринчи экспертимиз хулосасида “Тадқиқот қисмининг 3-бандидаги маълумотлар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган.
Тадқиқот қисмининг 3-бандидаги маълумотлар ақидапарстликни тарғиб қилувчи маълумотлар ҳисобланади” дейилди.
 
Иккинчи экспертлар хулосасида “Тақдим этилган материаллардаги маълумотлардаги маълумотларда диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилмаган, шунингдек, уларда қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар мавжуд эмас. Тақдим этилган материаллардаги маълумотлар диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар бўлиб ҳисобланмайди” дея биринчи экспертнинг хулосасини йўққа чиқаришган.  
 
Адвокатлардан бири божхона ходимини ҳам судга чақиртиришни, “Амир Темур” ҳақидаги китоб қаёққа ғойиб бўлганини изоҳлаб беришини судьядан талаб қилди. Бироқ судья унинг бу эътирозини инобатга олмади. Шундоғам уч ойдан буён аччиқ ичакдек чўзилаётган  судга нуқта қўйгиси келди. Ҳукмни чиқариб ўқиб эшиттирди.
 
Ҳукмни қўлга олгач, у ердаги “....жазо адолатли бўлиши... ...айбдорнинг шахси, жиноят иштирокчилари орасидаги роли, жиноят содир этилиш пайтидаги ёки содир этилганидан кейинги хулқ-атвори, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни ҳам эътиборга олишлари лозим”, дейилган жойини ўқиб ажабландим. Қилғиликни ҳаммасини  Олғирбой нафс йўлида қилган. Китоб сотиб олиб, уни Олғирбойга бериб юборган, божхона постига яқинлашмаган, “почта”чига пулини бериб, декларацияга киритиб ўтказинг, дея тайинлаган Мўминда нима айб? Шундоғам қийналиб яшаётган бу йигитнинг айби китоб сотиб олиб, ўқимоқчи бўлганими? Унга судья жаноблари шунинг учун  оғзини тўлдириб “арзимаган 20 баравар миқдорида, яъни 4.054.600 сўм жарима жазоси тайинлансин” дея уйида иккита ногирони бор, бир миллион ҳам маош олмайдиган йигитга қилган “муруввати”ми?
 
Суд умуман Мўминнинг  кўрсатмаларини мутлақо инобатга олгани йўқ!  Адолат шуми?  Қолаверса судья оғзини тўлдириб "айбдор" деб топилсин, дея ҳукм чиқариб ўтирибди. 
 
Ваҳоланки у китобларнинг ичида нима ёзилганлиги хулосада аникланмаган. Хулосада ўша муаллифлар ўзларини айрим асарларида бемазҳаблик ғояларини олға сураяпти, дейилган.  Айнан ўша китобларда олға сурилган, ўша сабабли олиб кириш ман қилинган дейилмаган. Бунака  китобларни фақат махсус мутахассис ўқиса, бемазҳаблик ғоялари борлигини пайқаши мумкин.
 
Оддий фуқаро ҳеч бир фожиали ғояни ўзига кашф қилиб олмайди. Аммо суд Мўминга нисбатан худди бу нарсалардан хабари бор ва атайин шу тинчликни узиш мақсадида китобларни юбортирган одамдай ҳукм чикарди.
 Қани президент айтган адолат, холис назар ва профессионализм! Судьялар оддий халққа адолатсиз муносабатда бўлса, халқнинг ишончи ҳам умуман қолмайди.
 
Нимагадир божхона ходимларининг қинғир ишларига судья кўз юмди. Битта “Амир Темур”ни китобини деб, уларни оворра қилгиси келмади чоғи. Аммо шу китобларни деб ҳар гал 400-500 минг сўм сарфлаб Самарқандда Чинозга судланувчилар ва уларнинг яқинлари роса овора бўлишди.
 
Мана сизга судьянинг “ғамхўр”лиги, “адолатпарвар”лиги. Энди шу йигит китоб сотиб олиб ўқийдими? Сиз нима дейсиз?
 
Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.