Навоийда нима гаплар, нега карантин қоидалари кучайтирилмоқда? Ҳудудга пойтахтдан шифокорлар гуруҳи юборилди.

Навоийда нима гаплар, нега карантин қоидалари кучайтирилмоқда?  Ҳудудга пойтахтдан шифокорлар гуруҳи юборилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу борадаги маълумотларига кўра, сўнгги кунларда Навоий вилоятида ҳам аҳоли орасида касалликка чалинаётганлар ҳолати кўпаймоқда.

Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тиббиёт ходимларини касбий малакасини ривожлантириш маркази директори ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари бошчилигида юқори малакали шифокор-олимлар, жумладан, эпидемиолог, инфекционист, оториноларинголог, реаниматолог, пульмонолог, хирург  ҳамда врач-лаборант каби қатор  мутахассислардан иборат махсус гуруҳ вилоятга юборилди. Улар ҳудудда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларни янада кучайтириш, беморларни самарали даволаш борасида маҳаллий мутахассисларга яқиндан амалий ёрдам кўрсатмоқда, - дейилади вазирлик хабарида.

Манбанинг маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда 119 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. Бугунги кун ҳолатига кўра, улардан 12 нафари соғайган бўлса, қолган 107 нафар беморга шифокорларимиз томонидан самарали даволаш муолажалари олиб борилмоқда.

Шунингдек, мавжуд вазият таҳлилларига таяниб вилоятда касаллик, асосан, бешта ўчоқ орқали тарқалганини, яъни биринчи катта ўчоқ Зарафшон шаҳрида, иккинча ва учинчи ўчоқлар Хатирчи туманида, тўртинчи ўчоқ Конимех туманида ҳамда бешинчи ўчоқ Томди туманида юзага келгани айтилмоқда.

Айни пайтда худудда карантин қоидаларини янада  кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар, прокуратура  ходимлари билан биргаликда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни даволаш ҳамда карантиндаги фуқароларни тиббий кузатувга олишни янада самарали йўлга қўйиш борасида изчил фаолият олиб борилмоқда.

 

Жумладан:

Эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, асосий учоқ бўлмиш, Зарафшон шаҳри “қизил” ҳудуд тоифасига киритилган. Бундан ташқари, жорий йил 26 май кунида касаллиги аниқланган беморлар (31 нафар) билан мулоқотда бўлган 300 нафарга яқин фуқаро карантинга олинган: шундан 104 нафари уй карантини, 182 нафари эса стационар карантинга жойлаштирилган. Вилоятнинг яна қатор туман ва шаҳарларида ҳам юзлаб фуқаролар уй ва стационар карантинга олиниб, қатъий тиббий кузатувга олинган.

 

Бундан ташқари, эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, тегишли махсус комиссия қарори билан жорий йил 8 майдан бошлаб, босқичма-босқич Зарафшон шаҳридаги 11 та маҳаллада кучайтирилган карантин қоидалари сақлаб қолиниб, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланиши белгиланди. Шунингдек, Хатирчи туманидаги 6 та маҳаллада ҳам карантин қоидалари кучайтирилган.

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.