Ишхонангизда Меҳнат кодексига риоя этилаяптими?

Ишхонангизда Меҳнат кодексига риоя этилаяптими?

Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, энг кўп ишлайдиган давлатлар сафига Мексика ва Коста-Рика кўрсатилган бўлса, яъни бу давлатлардаги ходим бир йилда 2200 соат ишлар экан. Бу бир кунлик иш вақти ўртача 8 соатга тўғри келишини билдиради. Германияда эса, бу кўрсаткич йиллик 1363 соатни ёки кунига беш соатни ташкил этар экан. Бундан аён бўлиб турибдики, мазкур ҳолат меҳнат унумдорлигига ўз таъсирини кўрсатади.

Меҳнат кодексида ходим учун иш вақтининг нормал муддатлари белгилаб берилган. Меҳнат кодексининг 115-моддасига кўра, ходимлар учун ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлмаган иш вақти нормаси белгиланган. Яъни 6 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасига эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Ҳуқуқий база таъминланган бўлишига қарамай, кўп ҳолларда айрим соҳаларда бу нормаларга риоя қилинмаяпти.

Айрим корхона ва ташкилотларда, афсуски, раҳбарларнинг масъулиятсизлиги, меҳнат муносабатларига бефарқлиги туфайли айрим ҳолларда сезиларли силжишлар кузатилмаяпти, десак ҳеч хато бўлмайди. Ўйлаб кўрсак, бугунги кунда иш вақтининг нормал муддатига амал қилишда икки ҳолатга дуч келинмоқда:

Биринчиси, ортиқча иш соатларига йўл қўйилаётганлигидир.

 

Мисол учун, иш куни соат 9 дан 18 гача қилиб белгиланган бўлишига қарамасдан, ходимлар ушбу муддат ичида бажарилмаган ишларини иш вақти тугагандан кейин бажаришга мажбур бўлишмоқда. Яъни иш соати одатдаги 8 соат ўрнига 10 ёки 12 соатгача чўзилаяпти.

 

Бунинг эса, фойдасидан  зарари кўпроқ.

Биринчидан, бу ҳолат ходимнинг меҳнат унумдорлигини пасайтиради.

Иккинчидан, шу ташкилотга иқтисодий тарафдан ортиқча ҳаражатга (масалан, ортиқча электр энергияси ва бошқа сарф-ҳаражатларга) олиб келади.

Учинчидан, ходимнинг ўз оиласи даврасида ўтказиладиган вақтини қисқартиради. Бу айниқса, фарзандлар тарбиясига ўз салбий таъсирини кўрсатиши мумкин. Ходимнинг кайфиятига ҳам ўз салбий таъсирини ўтказиши сир эмас. Бундан ташқари, айрим ташкилотлар ходимнинг дам олиш кунлари ҳам асоссиз равишда ишга жалб этиш ҳолатлари оз бўлса ҳам учраб турибди.

Баъзи ҳолатларда иш вақти Меҳнат кодекси нормаларига эмас, аксинча, раҳбарнинг ишда бўлиш ё бўлмаслигига қараб белгиланмоқда. Айрим ҳодимлар раҳбарнинг ишдан кетиш вақтини пойлаш билан умр ўтказишмоқда. Бу эса ачинарлидир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, ҳар бир соҳада иш ҳажмини аниқ белгилаб олиш, шу асосда ходимларга иш ҳақи тўлаш, белгиланган иш вақтига қатъий риоя қилишни тартибга солиш зарур.

Қўшимча меҳнат соати учун эса тўловларни амалга оширишни йўлга қўйиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Президентимиз томонидан иш вақтини тартибга солиш масаласи анча илгари ўртага ташланган эди.

Шундай экан, Меҳнат кодексига амал қилиш, ушбу нормаларнинг бажарилишини қатъий назоратга олиш зарур. Зеро, ислоҳотлар инсонлар учун хизмат қилмоғи лозим эканлигини биз доим ёдимизда тутмоғимиз керак.

 

Х. БОРИБОЕВ,

 Ховос туман адлия бўлими бошлиғи

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.