Бир саволга ўн хил жавоб

Бир саволга ўн хил жавоб

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу хавориж тоифасидан бўлган ўн кишининг “Илм афзалми, мол-дунё афзалми?” деган саволига: “Илм афзал”, деб жавоб бердилар ва уларнинг ҳар бирига алоҳида далил келтирдилар:

– биринчисига: “Илм пайғамбар­ларнинг меросидир, мол эса Қорун, Шад­дод, Фиръавн ва бошқа шунга ўх­шаганларнинг меросидир!”;

– иккинчисига: “Илм сени қўриқлайди, молни эса сен қўриқлайсан”;

– учинчисига: “Мол эгасининг душмани кўп бўлади, илм эгасининг дўсти кўп бўлади”;

– тўртинчисига: “Молни сарфлага­нинг сари у камайиб боради, илмни сарф­лаганинг сари у кўпайиб боради”;

– бешинчисига: “Мол эгасини бахил-қизғанчиқ деган ном билан маломат қилиб чақиришади, илм эгасини эса иззат-икром ва ҳурмат-эҳтиром билан чақиришади”;

– олтинчисига: “Мол ўғридан яширилади, илм эса ўғридан яширилмайди”;

– йеттинчисига: “Молнинг эгаси қиё­мат куни ҳисоб-китоб қилинади, илм эгаси эса қиёмат куни шафоат қилинади”;

– саккизинчисига: “Мол узоқ вақт туриши ва замонлар ўтиши билан эски­ради (ва қадри кетади), илм эса асло эс­кирмайди ва қадри кетмайди”;

– тўққизинчисига: “Мол қалбни қо­райтиради, илм эса қалбни ёритади – ёруғ ва нурли қилади”;

– ўнинчисига: “Молнинг эгаси бора-бора худоликни даъво қилади, илм эгаси эса ҳамиша бандалик мақомида туради”, дедилар.

Сўнгра: “Агар мендан яна шу саволни сўрайверишса, то ўлгу­нимча шундай (“Илм молдан афзал”) деб жавоб беравераман!” деди. Кейин у (хавориж)­лар кел­дилар ва ҳаммалари имон кел­тириб, мусулмон бўлдилар.

— “Ҳадису арбаъийн” шарҳу Усфурий (Усфурий арбаъийн ҳадис шарҳи, ҳижрий 1318 йил кўчирилган) китоби асосида
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан.

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.