Ангинани уй шароитида қандай даволаш мумкин?

Ангинани уй шароитида қандай даволаш мумкин?
Ўткир тонзиллит, халқ орасидаги номи — ангина. Маҳаллий намоён бўлиши лимфатик ҳалқум ҳалқа компонентларининг, кўпинча танглай бодомсимон безларининг ўткир яллиғланиши кўринишидаги инфекцион касаллик бўлиб, кўпинча стрептококклар ёки стафилококклар, камроқ ҳолларда бошқа микроорганизмлар, вируслар ва замбуруғлар томонидан чақирилади. Сурункали тонзиллитнинг кучайиши ҳам ангина деб номланади.
 
Туртки бўлувчи омиллар:
 
• Маҳаллий ва умумий гипотермия (совқотиш);
• Маҳаллий ва умумий иммунитетнинг пасайиши;
• Бодомсимон безларнинг жароҳати;
• Марказий ва вегетатив асаб тизимининг ҳолати;
• Бурундан нафас олишнинг бузилиши;
• Оғиз бўшлиғи, бурун ва бурун ён синусларда сурункали яллиғланиш жараёнлари.
 
Ангина аломатлари
 
Бирламчи ўткир тонзиллитда клиник тасвир қуйидагича бўлади:
 
• Ютиниш пайтида томоқда турли даражадаги оғриқ;
• Умумий интоксикация белгилари;
• Бодомсимон безларнинг шишганлиги (катарал ангина);
• Лакуна тешигида фибриноз-йирингли караш (лакунар ангина);
• “Юлдузли осмон” тасвири (фолликуляр ангина);
• Олинадиган кулранг-сариқ караш ва унинг остида юзаки кам оғрийдиган яралар (яра-пардали ангина);
• Ҳудудий лимфаденит.
 
Ангина томоқ оғриғи ва тана ҳароратининг кескин кўтарилиши (39-40 °C гача, ба’зан 41 °C гача) билан бошланади. Томоқдаги оғриқ, қоида тариқасида кучли ва ўткир, аммо мўтадил бўлиши ҳам мумкин. Лимфа тугунлари катталашади. Улар пастки жағ остида яхши палпацияланади ва оғриқли ҳисслар чақиради. Ангина шунингдек, пастроқ тана ҳарорати билан ҳам кечиши мумкин — 37 дан 38 °C гача, аммо томоқнинг шикастланиши кенгроқ бўлади.
 
Даволаш
 
Асосий тавсиялар:
 
• антибиотиклар қабул қилиш; 
• касалликнинг дастлабки кунларида ётоқ тартиби;
• қўзғатмайдиган, юмшоқ ва озиқали парҳез;
• витаминлар, 
• кўп суюқлик ичиш.
 
38 даражадан юқори ҳароратларда иситма туширувчи воситалар буюрилиши мумкин. Бактериал этиологияли ангинада кўп ҳолларда коккал флорага (стрептококклар ва стафилококклар) нисбатан фаолликка эга бўлган антибиотиклар белгиланади, даволаш курси камида 7 кун давом этади. А гуруҳ стрептококкли инфекцияда антибиотикларнинг мақсади асорат сифатида ривожланиши мумкин бўлган ревматик иситмани олдини олишдир.
 
Ангинада аччиқ, қаттиқ ва ўта иссиқ таомлар тановул қилиш тавсия этилмайди. Томоқни чайиш учун илиқ кучсиз туз эритмасини ишлатиш яхшироқ. Бу муолажа касалликнинг сўнгги босқичларида ҳам самаралидир.
 
Касалликнинг энди бошланишида яримта лимонни пўсти билан секин чайнаш керак. Сўнг бир соат давомида ҳеч нарса исте’мол қилмаслик лозим, бу лимоннинг эфир мойлари ва лимон кислотасига ўз вазифасини бажаришга имкон беради. Янги лимон ўрнига 30%ли лимон кислотаси эритмасидан фойдаланиш мумкин, бунда томоқ эритма билан кун давомида ҳар соатда чайиб турилади.

Сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар сайт таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.